Ирина Чублукова: SANTO ҳамёнбоп препаратларни таклиф этади

SANTO фармацевтик компанияси стратегик ривожланиш ва препаратларни бозорга чиқариш бўйича ҳудудий директори Ирина Чублукованинг интервьюсида дориларнинг нархи қандай ҳисобланиши, Ўзбекистон фармацевтика бозорига киришдаги қийинчиликлар ва препаратларнинг юқори сифати қандай таъминланиши ҳақида билиб оласиз.

Стратегик ривожланиш ва препаратларни Ўзбекистон бозорига чиқариш бўйича ҳудудий директор сифатида фаолиятингизда қандай устувор йўналишларни белгилаб олдингиз? 

– SANTO ваколатхонаси Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан буён фаолият кўрсатмоқда, яъни у бир йилдан бери Ўзбекистон бозорида ва бизнинг бу ердаги стратегик ривожланишимиз ўрта ва узоқ муддатли режалаштиришни кўзда тутади. SANTO – Ўзбекистон бозорида анча вақтдан бери мавжуд бўлган Polpharma халқаро гуруҳи таркибида. SANTO Қозоғистон ва Қирғизистонда етакчи ўринларни эгаллашга улгурган ва биз эндиликда аҳолини дори воситалари билан таъминлаш бўйича Ўрта Осиё етакчилигига эришмоқчимиз. Шунинг учун, жамоамиз алоҳида дори воситаларига талабни прогнозлаш учун касалланишлар мониторингини олиб бормоқда. Шунингдек, бозорга оид маълумотлар билан ҳам ишлаймиз – улар препаратларнинг ўртача нархини акс эттиради, эҳтимолдаги бизнес-кейсларни ҳисоб-китоб қиламиз.  

Ўзбекистон бозорига киритиш учун биринчи даражали маҳсулотлар сифатида биз инфекцияга қарши, кардиологик ва неврологик препаратлар портфелини белгиладик. Бугун Ўзбекистонда инфекцион хасталикларни даволаш биринчи навбатда антибиотикларни қўллаш асосида олиб борилади – буни уларга бўлган талаб ва харажатлардан билиб олиш мумкин. Шу маълумотларга таянган ва антибиотик етказиб берувчилар орасида етакчи бўлганимиз ҳолда, биз ўзбекистонлик беморларга ҳозирда бизда мавжуд бўлган линияни тақдим эта оламиз. Қолаверса, бизда антибиотикларнинг перорал қабул қилинадиганидан тортиб, стерил инъекционгача бўлган тиббиётда қўлланиладиган деярли барча гуруҳлари бор.

Кардиологик портфель ҳам устувор саналади ва айниқса, давом этаётган коронавирус инфекцияси пандемияси ҳамда унинг аҳоли саломатлигига таъсири фонида янада долзарб аҳамият касб этган сурункали юрак-қон томир хасталикларини даволаш учун дори воситалари кўринишида тақдим этилган. Жорий портфелимиз кенг ва Polpharma гуруҳининг барча ишлаб чиқарувчи майдончалари препаратларини ўзида жамлаган.

Ҳозирги пайтдаги энг муҳим вазифамиз – препаратлар портфелини кенгайтириш ва муваффақиятли лойиҳа учун қанча сармоя киритиш кераклигини тушунишдир.

Нарх борасидаги сиёсатни қандай олиб бормоқчисиз? Ахир Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ойлик маошлар бир-биридан фарқ қилади ва Қозоғистонда нисбатан арзон саналган нарсани Ўзбекистонда кўпчиликнинг чўнтаги кўтармаслиги мумкин.

– SANTO бутун Марказий Осиё бозорларида самарали ва ҳамёнбоп препаратларни таклиф этади. Нархни белгилашда биз ҳар доим потенциал харидорларнинг тўлов лаёқатини баҳолаб оламиз. Қозоғистонда фаолият олиб борадиган етказиб берувчи компаниялар қиёфаси Ўзбекистонда ишлайдиганларникидан бирмунча фарқ қилади. Қозоғистонда савдоларда давлат харидларида иштирок этувчи нисбатан қимматроқ препаратлар етакчилик қилади. Ўзбекистонда эса аҳоли учун дорихоналар орқали етказиб бериладиган дори воситаларининг бозори чаққон. Шундан келиб чиқиб нархлар бошқарилади.

Сизнингча, Ўзбекистонда фармацевтик бошқарув ва дори воситаларини назорат қилиш жараёни қанчалик самарали амалга оширилмоқда?

 Ҳозирда дори воситаларимизни ўзида жамлаган катта портфелни Ўзбекистонда жуда профессионал фаолият олиб бораётган ва текширувдан ўтган дорилар сифат, самарадорлик ва хавфсизлик талабларига жавоб беришини кафолатловчи давлат эксперт идораси билан рўйхатга олиш ишлари давом этмоқда. Шу тариқа, Ўзбекистон бозорга киришда планкасини ошириб, рақобатбардош муҳитни яратмоқда ва бу тўғри – шунда бир поғона пастроқ маҳсулот етказиб берувчилар расмий бозорга кира олмайди.

Препаратлар нархини тартибга солишга келсак, бу амалиёт жорий қилинганига ҳали кўп бўлмади ва такомиллашишда давом этмоқда. Етказиб берувчилар учун энг муҳими – мослашувчанлик, узилиш ва носозликларсиз бозорга олиб кириш нархларини ўзгартиришдан иборат. Фармацевтик соҳа динамик характерга эга, материал ва ишлаб чиқариш нархлари ўзгариб туради ва етказиб берувчи ҳозиргидек 6 ойлик маҳсулот етказишдан бош тортмай,  референт саватдаги нархлар назоратида улардаги ўзгаришларни қайд этиш имкониятига эга бўлиши керак.

SANTO препаратлари нимаси билан бошқалардан фарқ қилади?

– SANTO – Европа компаниялари гуруҳининг қисми, биз нафақат ташқи, балки ички бошқарувга ҳам эгамиз. Бу, айниқса, маблағлар хавфсизлиги, хавфлар ва беморларда дориларнинг ножўя таъсирлари олдини олишга оид янги ахборотлар назоратига тегишли. GMP сертификатига эга линияларда дори воситаларининг стерил инъекцион ва ностерил қаттиқ ҳамда суюқ шакллари ишлаб чиқарилади. Бизнинг R&D лабораториямиз – Қозоғистонда ва эҳтимол бутун Марказий Осиёда энг яхши саналади. Унда барча турдаги дори воситалари ишлаб чиқилади, клиник тадқиқот дастурлари амалга оширилади. Рақобатчилар олдидаги устунлигимиз ҳам шунда – биз шунчаки технологияларни трансфер ёки импорт қилмаймиз, балки ўз дори воситаларимиз авлодини яратамиз.

Манба: https://kun.uz/news/2022/01/25/irina-chublukova-santo-hamyonbop-preparatlarni-taklif-etadi

Бу қизиқарли бо'лиши мумкин